Ўзбекистонда мухолифат партиясини ташкил этиш учун зарур имкониятлар бор ва беш йил бундай партиянинг шаклланиши учун етарли муддат. Бу ҳақда ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳайитов партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 18 январь куни бўлиб ўтган таъсис йиғилишидан сўнг журналистлар билан мулоқотида фикр билдирди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Йиғилишда партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 53 нафар депутатдан иборат ЎзЛиДеп фракциясини таъсис этиш бўйича таклиф ўртага ташланди. Фракция раҳбари лавозимига партия Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов номзоди таклиф этилди ва маъқулланди.

Йиғилишдан сўнг журналистлар билан мулоқот қилган ЎзЛиДеП етакчиси «Мухолифат партияси ҳақида гапириляпти, у ичкаридан чиқиши керак, деган фикрлар янграмоқда. Ичкарида мухолифат партияси шаклланиши учун беш йил етарли муддатми?», деган мазмундаги саволга қуйидагича жавоб берди.

Сўнгги вақтларда мухолифат партияси бўйича кўп фикрлар билдириляпти. Давлатимиз раҳбари бу масала бўйича аниқ фикрларини билдирди. Ҳақиқатан ҳам, мухолифат партияси ўзимизнинг орамизда шаклланиб, ривожланиб ва, албатта, етакчи партияларга нисбатан ўз фикрини дадил айта олиши керак.

Менимча, беш йил — кичик муддат эмас. Жамиятимизда мухолифат партиянинг ташкил этилишига асос бўладиган имкониятлар ва шунга имконият берадиган шароитлар яратилган. Мухолифат пайдо бўлиши учун маълум бир муддат керак, маълум бир сабаблар, омиллар керак.

Ўйлайманки, бўлажак беш йил бу борадаги муҳим ташаббусларга қадам бўлади. Мухолифат партиясининг пайдо бўлиши фикрлар хилма-хиллигига, кўплаб муаммоларнинг бошқа томондан кўриб чиқилиб, ечилишига сабаб бўлади, деган умиддаман.

Актам Ҳайитов, ЎзЛиДеП етакчиси